Мода дунёси доимо кўпчиликни ўзига жалб этиб
келган. Бу соҳада истаганча янгилик қилиш мумкин. Меҳнат қилганлар эса ҳеч
қачон беэътибор қолмайди. Dolce& Gabbana, Versace, Channel бу машҳур
брендлар барчамизга яхши таниш. Мода оламининг йирик намоёндалари “меҳнат”
аталмиш чиғириқда тобланиб, ҳозир шу соҳада ўз ўринларига эгалар. Бугун
уларнинг намойишларини хорижий давлатларга бориб томоша қилишга ҳожат йўқ.
Боиси Fond Forum ташаббуси билан ўтказилаётган Art week Style. Uz санъат ҳафталиги мана 8 йилдирки, бундай
имкониятларни туҳфа этмоқда. Ёрқин воқеалар, янги совғаларга бой ўтиши
кутилаётган санъат ҳафталигига тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирган бир
пайтда Қашқадарёликлар байрам шукуҳини олдинроқ нишонлашни мақсад қилдилар.
Style. Uz ҳафталиги олдидан “Келажак овози”
ЁТМ Қашқадарё вилояти бўлими фаоллари томонидан “Либослар жилоси” мода
фестивали ташкил этилди. Икки ёшни қаршилашга улгурган бу ёрқин фестивал
вилоятдаги иқтидорли ва ҳаваскор ёш дизайнерларнинг маҳоратларини ошириш,
рағбатлантириш ҳамда ўз ижод намуналарини кенг жамоатчилик олдида намойиш этиш
имконини яратиши билан аҳамиятлидар. Тадбир дастуридан ёш дизайнерлар,
стилистлар учун маҳорат дарслари, ёш фотографларнинг Style. Uz мода
ҳафталигидаги энг ёрқин лаҳзалар муҳрланган фотосуратлар жамланмасидан
Фотобиэналлеларнинг ўтказилиши жой олган. Ушбу фестиваль мода дунёсига энди
қадам ташлаётган ҳаваскорлардан тортиб, анчагина маҳоратга эга бўлган
дизайнерларгача ўз либос тўпламлари билан иштирок этиш имкониятини берди.
Намойишда “Underground”, “Avangard” ҳамда “Mиллий” услубдаги
либослар тақдим этилди. Улар орасида “Келажак овози” Республика иқтидорли ёшлар
танловининг “Архитектура ва Интеръер дизайн” йўналиши вилоят босқичи ғолиблари
ҳам бор. “Либослар жилоси” мода фестивали танлов ғолиблари учун ҳам синов, ҳам
тажриба майдони бўлди. Энди улар “Келажак овози” Республика финал босқичига
янада жиддийроқ ҳозирлик кўришади.
Кўзларни қувнатиб, бир-бирини
такрорламайдиган, турли услубдаги либослар тақдим этилди. Бу кунги имтиҳоннинг
муваффақият эшигини очиб, ёш дизайнерлар саҳнада олқишларни қабул қилдилар.
“Энг яхши” деб эътироф этилганлар
ташкилотчилар томонидан дипломлар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Асосийси илк қадамлар ташланди. Эндиги мақсад Art week style. Uz ҳафталигида маҳорат тўплаб иштирок этиш.
Моҳинур САЛОҲОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий